Фарғонада фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларини содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 25 август, сешанба куни ўғрилик ҳамда фирибгарлик жиноятларини содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 25 август куни Ички ишлар вазирлиги ЎХБ Фарғона вилояти бўлими ва Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими жиноят қидирув ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) ва 169-моддаси 1-қисмида (Ўғрилик) кўрсатилган жиноятларни содир этган шахс ушланди. Aниқланишича, қўлга олинган фуқаро У.И. Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирувда бўлган.

Aввалроқ Қоракўлда фуқароларнинг қорамолларини сотиб, салкам 490 миллион сўм пулини «ухлатган» шахс ушлангани, Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 миллион сўмга яқин пулларни ечиб олган фирибгар қўлга олингани ва Каттақўрғонда абитуриентни 8000 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар