Мустақиллик байрами арафасида Самарқандда 154 нафар маҳкум жазодан озод қилинди

Ўзбекистон Мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Самарқандда 154 нафар маҳкум жазодан озод қилинди, деб хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати. 15 августдан бугунгача вилоят, шаҳар ва туман судлари томонидан 130 нафар шахсга жазони ўташ муддатидан аввал шартли озод қилиш билан боғлиқ тақдимномалар қаноатлантирилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиевга кўра, 1 шахс озодликдан маҳрум қилиш, 49 шахс озодликни чеклаш, 20 шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 60 шахс ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Мазкур шахсларнинг 119 нафарини эркаклар, 1 нафари вояга етмаган шахс, 46 нафарини ёшлар ва 1 нафарини 60 ёшдан ошган киши ташкил этган. 11 нафарини эса аёллар ташкил этган.

Бундан ташқари, 24 нафар шахсга нисбатан жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ тақдимномалар қаноатлантирилиб, қамоқдан озод қилинган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 33 нафар, Ургутда 17 нафар, Пастдарғомда 18 нафар, Иштихонда 15 нафар, Булунғурда 8 нафар ва Самарқанд туманида 21 нафар, Пахтачида 19 нафар, Нарпайда 13 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар