Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун туркиялик мутахассислар келади

Туркиядан коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун бир гуруҳ мутахассислар Ўзбекистонга келади, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлик маълумотларига кўра, Туркиядан 16 нафар тажрибали мутахассисдан иборат тиббий гуруҳ коронавирусга қарши курашда Ўзбекистон мутахассислари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиш ва тажриба алмашиш учун мамлакатга ташриф буюради.

Туркиялик шифокорлар ташриф давомида маҳаллий шифокорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларидаги ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан танишиш, коронавирусга чалинган беморларни даволашда фаол иштирок этишлари кўзда тутилган.

Аввалроқ Андижонда тиббиёт институтида қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими коронавирус беморларини даволашга қайта ўқитилгани, Бухорога коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 4 нафар россиялик шифокор келгани, Эркинжон Турдимов Самарқандга ташриф буюрган 4 нафар россиялик шифокор билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Мутахассислар коронавирусга чалинган ёки пневмония қайд этилган беморларни даволаш ишлари билан танишиб, ўзларининг маслаҳатларини берган. Улар бир ой давомида вилоятда бўлиб, муассасаларда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда даволаш ишларида иштирок этади.

Шунингдек, 24 август куни 10 нафар германиялик врачлар ҳам Самарқандга келган. Германиялик мутахассислар шифохоналарда беморларни кўрикдан ўтказиш билан бир қаторда, вилоятда фаолият кўрсатаётган шифокорлар билан бирга семинар-тренинглар ўтказган.

Янгиликлар