Андижонда водий вилоятлари билан боғловчи барча блокпостлар олиб ташланди

«Ҳукумат вилоятлараро қатновни очганига қарамай Фарғона вилоятини Андижон билан боғловчи қисқа йўл ёпиқлигича қолмоқда» сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Мақолада Асака—Қува йўли бетон тўсиқлар билан тўсилган блокпост Миллий гвардия ва ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўриқланаётганлиги боис водийнинг икки гавжум шаҳарлари орасида қатновчи аҳоли ва тадбиркорлар Ёзёвон чўли орқали айланиб ўтишга мажбур бўлаётганлиги маълум қилинган.

«Президент томонидан 2020 йилнинг 12 август куни карантин қоидаларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича берилган топшириққа асосан хозирги кунда Андижон вилоятида барча соҳаларда карантин қоидаларини юмшатиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Жумладан, Андижон вилояти ҳокимлиги водий вилоятлари билан боғловчи Андижон вилояти ҳудудидаги барча блокпостлар олиб ташланганлиги, йўловчи ва юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган автомагистраллар ва бошқа йўлларда қатнов учун рухсат берилганлигини маълум қилган.

Аввалроқ Aндижондаги карантин муассасасида ҳолат қониқарсизлиги айтилган видеога муносабат билдирилгани, карантин даврида қанча фуқаро даромад манбайидан ажралгани ҳамда Aндижон шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди.

Янгиликлар