Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва шифокорлар ҳақида фильм ва сериаллар яратиш бўйича кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда Президент жамиятда ўқитувчи ва устозларнинг обрўйини кўтаришга эътибор талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. Ўқитувчи ва шифокорларнинг фидойи меҳнати, юксак ҳулқ-атвори намунасини намоён этиш мақсадида тўлиқ метражли фильм ва сериаллар, уларнинг фаолияти ҳақида кўрсатувлар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

«Мендан бугунги кун қаҳрамонлари ким деб сўрашса, бу соғлиқни сақлаш ходимлари билан бир қаторда ҳурматли устозларимиз, деб айтган бўлар эдим. Бу ерда гап фақат моддий рағбат ҳақида эмас. Биз ўзини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган ҳар бир фидойи муаллимга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантиришимиз керак. Битта болани 11-синфгача тарбиялаб, вояга етказиш қанча машаққат?! Айниқса, синф раҳбарларига кўп нарса боғлиқ, биз уларни эшитишимиз, қўллаб-қувватлашимиз керак. Мактабда ўзгариш бўлмас экан, ҳеч қайси соҳада ўзгариш бўлмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида пандемия шароитида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича долзарб чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Шавкат Мирзиёев короновирус билан боғлиқ ҳақиқий вазиятни яширганлар жиноий жавобгарликка тортилишини айтди. Шунингдек, Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган 810 минг нафар болага 500 минг сўмдан ёрдам пули берилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мактабларида таълим қачондан ва қандай шаклда бошланиши маълум қилинди.

Янгиликлар