Тошкент вилояти бош инфекционисти иши бўйича суд жараёни бошланди

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида 27 ноябрь куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёнлари бошланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Қайд этилишича, суд ишига жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси Суннатилло Aвлоқулов раислик қилмоқда. Раислик қилувчи дастлаб жараён иштирокчиларини судланувчилар ва уларга эълон қилинган айблов билан таништирган.

Мазкур жиноят ишида вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги маблағни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-модда 2-қисми «а» банди (такроран содир этилган мансаб сохтакорлиги), 25-167-модда 3-қисми «а» банди, 207-модда 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 207-модда 3-қисми «а» банди (одам ўлимига олиб келган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланмоқда.

Фото: «Kun.uz»

Шунингдек, яна тўрт нафар шахсга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинган. Жумладан, Шерзод Рўзиметов ва Жаҳонгир Зиёдуллаев 116-модда 3-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 228-модда 2-қисми «а», «б» бандлари (такроран ва бир гуруҳ шахслар томонидан ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 228-модда 3-қисми (ҳужжат қалбакилигини била туриб, ундан фойдаланиш) билан; Aлишер Дадаматов ва Жаннат Ҳакимова 167-модда 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги маблағни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбланмоқда.

Aйблов ўқиб эшиттирилгач, йиғилганлар суд таркиби ва жараён иштирокчилари билан таништирилган. Aйбланувчилар ва уларнинг адвокатлари томонидан суд таркибига нисбатан эътирозлар билдирилмаган. Процессуал тартиб бўйича судланувчиларнинг шахсига аниқлик киритилди ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.

Шундан сўнг судланувчи Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати судга илтимоснома киритиб, ҳимояси остидаги шахсга қўлланилган уй қамоғи эҳтиёт чорасини муносиб хулқ-атворда бўлиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартириш, жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиш, ундан нусхалар олиш ва айблов хулосасини рус тилида прокурор томонидан тасдиқланган ҳолда тақдим этилишини таъминлашни сўраган.

Фото: «Kun.uz»

Раислик этувчи илтимосноманинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги қисми процессуал тартибда кўриб чиқилишини, айблов хулосасини рус тилида тақдим этиш масаласида прокурорга хат чиқарилишини, жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб чиқиш ҳақидаги қисми бўйича эса бирор бир қаршилик йўқлигини, исталган вақтда иш ҳужжатлари билан танишиш мумкинлигини маълум қилган.

Хабарда айтилишича, суд жараёнларининг дастлабки куни шу тариқа ўз ишини якунлаган. Навбатдаги суд мажлиси 4 декабрь куни соат 11:00 га белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган бемор ўлими ва 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб, қамоққа олинганди. Унга нисбатан 11 августда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Кейинчалик Гулжаҳон Йўлдошева аёл эканлиги ва 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги сабабли уй қамоғига ўтказилган. шунингдек, Тошкент вилояти бош инфекционистига нисбатан тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилгани хабар қилинган.

Янгиликлар