Тошкент вилояти бош инфекционистига нисбатан тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилди

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари айблов хулосаси билан якунланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича шаҳар судига юборилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Маълум бўлишича, Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тамомланган.

Тергов давомида 5 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116- (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207- (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209- (Мансаб сохтакорлиги), 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан айб эълон қилинган.

Ҳозирда жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судига мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Aҳроровнинг «Kun.uz»га маълум қилишича, ҳимояси остидаги шахс эълон қилинган айбловларга иқрор эмаслигини, ўзининг айбсиз эканлигини ва барча эътирозларини судда баён этишини айтган.

Жиноят иши бўйича суд муҳокамалари қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бош инфеционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган. Кейинчалик Бош прокуратура Йўлдошева иши юзасидан расмий баёнот берган.

Шунингдек, Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева уй қамоғига ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар