Ҳудудсиз давом этиш

Фарғонадаги «роддом»да аёл ва унинг чақалоғи вафот этгани айтилган хабар юзасидан маълумот берилди

Фарғона вилояти Фурқат туманида 19 ноябрь куни 27 ёшли аёл ва унинг чақалоғи вафот этгани ҳақидаги хабар юзасидан вилоят Прокуратураси расмий баёнот берди.

Фото: «Tez News» / Иллюстратив

Хабарга кўра, 12 ноябрь куни Г.Х. Фурқат туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлимига олиб келинган. Маълум бўлишича, ундан 30 ҳафталик нобуд бўлган ҳомила жарроҳлик амалиёти орқали олинган. Аёл соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли 13 ноябрь куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига жойлаштирилган. Бироқ 19 ноябрь куни жонлантириш бўлимида вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, текширув жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими Дилмурод Солиевнинг туғруқхонада «суюнчи пули» деб талашган тиббиёт ходимларини кескин танқид қилгани акс этган видео тарқалгани, шундан сўнг туғруқхона ходимлари ишдан олингани ҳақида хабар берилганди.