Булунғурда 2020 йил бошидaн буён қанча темир-бетон устуни ўрнатилгани маълум қилинди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида 2020 йил бошидaн буён электр таъминоти тизимида қандай ишлар амалга оширилгани маълум қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Президентнинг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017—2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ туманга 2020 йилда 14 дона трансформатор ўрнатилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 11 таси олиб келиниб ўрнатилган.

Маълум қилинишича, 2020 йилда 45 километр 0,4 киловатт ва 10 киловаттли электр узатиш тармоқларини яхшилаш, янги қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилиб, йил бошидан буён тумандаги яроқсиз симёғочлар ўрнига 208 та темир-бетон устуни ўрнатилган.

Хабарда айтилишича, туманда жами ҳисоблагич ўрнатилиши керак бўлган нуқта сони 34 923 та бўлиб, бугунги кунга қадар 27 438 дона АСКУЭ хисоблагич ўрнатилиб, ҳозирда 7485 дона АСКУЭ хисоблагичга талабнома берилган.

Қайд этилишича, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматик тизимига уланган истеъмолчилар сони 22 400 та (81 фоиз)ни ташкил этади ва бу ишлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, мавжуд трансформаторларга ўрнатилиши учун етказиб берилган концентраторлар сони 600 та бўлиб, 594 таси (99 фоиз) ўрнатилган.

Таъкидланишича, 2021 йилда 17 та трансформатор пунктини таъмирлашга таклиф киритиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 55 километр 04—10 киловатт электр узатиш тармоқлари тортилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Самарқанднинг 3 та ҳудудидаги 5 та трансформатор таъмирлаш ишларидан сўнг ишга туширилгани ва Иштихонда 13 та трансформатор пункти, 17,5 километр электр тармоғи ҳамда 300 дона темир-бетон устуни ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Марҳаматда учта янги электр узатиш тармоғи ишга туширилгани ҳамда Косонсойда депутатлик сўровидан сўнг мактаб ҳудудидаги трансформатор олиб ташлангани маълум қилинди.

Янгиликлар