Депутат Сардобадаги уйларнинг топширилиши билан боғлиқ муаммоларга изоҳ берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов Сардоба сув омбори тошқинидан зарар кўрган аҳолини янги кўп қаватли уйларга жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилаётгани ҳусусида изоҳ берди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Депутатнинг сўзларига кўра, Олий Мажлис Қонучилик палатасидан 15 нафар депутат Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларида қурилган кўп қаватли уйларни эгаларига шаффоф ва адолатли топширилишини назорат қилиш учун келган. Унинг ўзи 29 октябрдан бери шу ерда ва у Мирзаобод туманига бириктирилган.

«Бугунги кунга қадар ўрганилган ва уйга муҳтож бўлган аҳолининг барчасига қуръа ташлаш асосида уйларни тарқатдик. Ҳар битта уйимизда 20 та хонадон мавжуд. Биз шундай қилдикки, уйларнинг биринчи қаватига ногирон ва кексаларни жойлаштириб, қолган юқори қаватларни эса қуръа ташлаш асосида амалга оширдик. Бу танловдан ҳеч ким норози бўлгани йўқ. Барча ўзи қутидан танлаб олган рақамлар бўйича хонадонларини танлаб олиб, кўчиб киришяпти», — деди депутат Шерзод Қулматов.

Фото: «Tez News»

Унинг таъкидлишича, ҳозирда Мирзаобод туманида уйларни ўз эгаларига топшириш бўйича 53 та муаммоли вазиятлар бор ва улар ўрганиш жараёнида. Яна тўртта қуръа ташлаш маросими ўтказилиб, хонадонларни ой охиригача ўз эгаларига топширилиш режалаштирилган.

«Муаммоли вазиятлар асосан, ҳужжатларидаги камчиликлар бўлиб, кадастр архивидан уларни топиш, маҳалла фаоллари билан уйга талабгор бўлаётганлар ҳақида ўрганиш, жойларга бориб текширувлар ўтказишга бироз вақт кетяпти. Шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, бир хонали уй қуриб олиб, томини ёпиб, у уйга кирмасдан, яшамасдан кадастр қилиб олиб, бугун янги хонадонларга даъво қилаётганлар ҳам бўлди», — деди Шерзод Қулматов.

Фото: «Tez News»

Депутат вазиятни тушунтираркан, «Ҳақиқат» маҳалласида 2 қаватли эски боғча биноси бўлгани, у вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 26 та хонадонга эга бўлган, тўлиқ таъмирдан чиқарилган бир хонали уйларга айлантирилгани таъкидлади. Шерзод Қулматов уларга ижарада яшаган, уйсиз бўлган, ночор оилаларнинг кириш масаласи ҳам кўриб чиқилаётганлигини айтди.

«Барчани жойлаштириб, ишни охирига етказгач, кейин Тошкентга қайтамиз. Бирорта одам кўчада қолмайди!», — дея таъкидлайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига бориб, Мирзаобод туманидаги «Ҳақиқат» маҳалласига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги «Янги Тошкент»ни бориб кўрган.

Янгиликлар