Тошкентда аёлни Дубайга фоҳишаликка юбормоқчи бўлган шахс ушланди — видео

Тошкент халқаро аэропортида 11 ноябрь куни Дубайга бир аёлни 3500 минг AҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Азиза исмли фуқаро Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстеримизмга қарши курашиш бошқармаси ходимларига ариза билан мурожаат қилган. У аризада алдов йўли билан 3,5 минг АҚШ доллари қарз эвазига Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига фоҳишалик билан шуғулланиш учун юборилаётганлигини маълум қилган.

Аризага асосан, Тошкент шаҳар ИИББ ТЭҚКБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан тезкор суриштирув ва ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада 11 ноябрь тонгги соат 05:30 атрофида Тошкент халқаро аэропортида 1992 йилда туғилган жабрланувчи Азиза тўхтатиб қолинган.

Тошкент шаҳар Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аризада кўрсатилган Нафиса исмли шахс қўлга олинган ва Бектемир тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлимига топширилган.

«Танишим Нафиса менга чет элда иш борлигини, яхши пул топишим мумкинлигини айтди ва қизиқтиришни бошлади. Кейинчалик билсам, у ерда фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган экан. Бу ишни ўртоғим билан маслаҳатлашганимда у мени огоҳлантирди. Кетишимдан фойда бўлмаслигини, у ерда қийналишимни айтди. Шундан кейин биз ички ишлар ходимларига мурожаат қилдик», — дейди жабрланувчи.

Суриштирув жараёнида Нафисанинг жиноий шериги БААда истиқомат қилувчи Азиза халқаро пул ўтказмалари орқали жабрланувчининг билети ва ҳаражатлари учун 500 АҚШ доллари жўнатган. Бунинг эвазига 3500 АҚШ доллари ишлаб бериши шарт сифатида кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми «е» бандида кўрсатилган жиноят аломатлари борлиги сабабли жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 12 нафар қизни фоҳишалик қилишга мажбурлаган аёл қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда аёлларни хорижга фоҳишаликка юбоpган 22 яшар йигит, Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олингани маълум бўлганди.

Янгиликлар