Ўзбекистонда 12 нафар автолизинг компанияси ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистонда 12 нафар автолизинг компанияларининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш Қўмитаси матбуот хизмати.

«Хусусан, ўтган йиллар давомида автомобиллар учун олдиндан тўловларни амалга оширган, бироқ белгиланган муддатда автомобиль етказиб берилмаган ёки тўланган пуллар қайтариб берилмаётганлиги ҳолати бўйича 2000 га яқин мурожаатлар келиб тушган», – дейилган хабарда.

Аниқланишича, мурожаатларнинг асосий қисми “Umid Avto Companies”, “Orient avto-lizing”, “Imkon Avto”, “Mega Avto Lizing”, “Avto 60 oy” ва “Avtohamkor 0 foiz” ва бошқа корхоналарга нисбатан йўналтирилган.

«Мазкур корхоналар истеъмолчиларнинг пул маблағларини қисқа муддатда янги автомобиль олиб бериш ваъдаси билан жалб қилиб, ўз мажбуриятларини бошқа истеъмолчилардан жалб қилинган маблағлар эвазига қоплаш ва истеъмолчилардан олинган пулларни қайтаришни бир йилдан ортиқ муддатга кечиктириш (ушлаб туриш) каби ҳолатларга йўл қўймоқда», – қайд этди қўмитадагилар.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан “Umid auto leasing”, “Umid lizing Tashkent”, “Umid auto”, “Umid avto Tashkent”, “Umid avto lizing”, “Mega Avto Leasin-Hamkor”, “Mega Avto Leasin”, “Samo Rimmax Avto”, “Rimmax Auto Leasin”, “Ishonch Auto Leasin”, “Asr Auto Leasin”, “Baraka Avto Baraka Business” ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

«Бироқ, бугунги кунда ушбу каби корхоналар мансабдор шахслари томонидан истеъмолчиларни чалғитиш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан пул маблағларини жалб қилиш каби ҳуқуқбузарликларни давом эттирмоқда ҳамда улар фаолияти устидан истеъмолчилардан кўплаб шикоят аризалари келиб тушмоқда», – қўшиб ўтди қўмитадагилар.

Янгиликлар