Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси очилди

Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида 27 октябрь куни Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, маросимда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов, Гуандун провинцияси ва Гуанчжоу шаҳар Халқ ҳукумати раҳбарлари, шунингдек, мазкур провинция ишбилармон, жамоат ва эксперт доиралари вакиллари ҳамда ўзбекистонликлар иштирок этган.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Саидов Бош консулхонанинг очилиши Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш, барча соҳаларда амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистон вилоятлари ва ХХР жанубий провинциялари ўртасидаги ўзаро товар алмашув ҳажмларини кўпайтиришга қўшимча туртки беришини қайд этган.

Шунингдек, йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари сингари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилган. Бош консулхонанинг очилиш маросими доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтган.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари эътиборига Ўзбекистонда яратилган ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида бизнес юритиш учун яратилган шароитлар, қурилиш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида эришилган муваффақиятлар ҳамда бу йўналишлардаги ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда AҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг икки томонлама ваколатхонаси ҳамда Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг филиали очилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар