«Пировард мақсадимиз — 2030-йилга бориб Ўзбекистонни бюрократиясиз давлатга айлантириш», — президент бюрократияни бартараф этиш дастурини ишга туширди
Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни пойтахтдаги Халқаро конгресс марказида бюрократияни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, давлат хизмати соҳасидаги етакчи экспертлар ва жамоатчилик фаоллари қатнашмоқда.
Таъкидланишича, мамлакатда аҳоли ва бизнес учун бюрократия, оворагарчилик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш, давлат органлари фаолиятини мақбуллаштириш, аҳоли билан давлат идоралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган.
Жумладан, сўнгги йилларда республикада бюрократияни қисқартиришга қаратилган 9 та фармон ва қарор қабул қилинди. Давлат хизматлари марказлари, Ягона портал платформаси, «Рақамли ҳукумат» каби тизимларнинг ташкил этилиши натижасида давлат хизматлари тезкор ва шаффоф бўлгани таъкидланди.
Хусусан, 2017 йилда фақат 444 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1 минг 40 тага етган. Бунда кўрсатилган хизматлар сони қарийб 10 баробарга кўпайиб, 55 миллиондан ошди. 90 дан ортиқ хизматларни проактив ва композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилган.
Давлат раҳбари бугун бюрократияни камайтириш бўйича алоҳида дастур тасдиқланганини маълум қилди. Ушбу ҳужжат, энг аввало, давлат ва аҳоли, давлат ва бизнес ҳамда давлат тузилмасининг ички муносабатларида бюрократияни бартараф этиш, ҳар томонлама қулай давлат хизматлари экотизимини яратишни назарда тутади.
Пировард мақсадимиз – 2030 йилга қадар Ўзбекистонни ортиқча бюрократиядан холи бўлган ҳудудга айлантиришдан иборатдир, – деди Президент.
Хусусан, дастур доирасида 2030 йилга қадар амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, давлат хизматлари сони 1,5 мингтага, электрон хизматлар улуши 95 фоизга етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 250 та хизматлар электрон шаклга ўтказилади. Масалан, автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш каби хизматлардан электрон фойдаланиш йўлга қўйилади.
Янги Ўзбекистонда «Қоғозсиз ҳукумат» тизимига тўлиқ ўтилиб, қоғоз айланмасидан бутунлай воз кечилади. Мавжуд 40 миллион ҳужжатлардан 25 миллиони, шундан кейинги йилнинг ўзида 5 миллиони рақамлаштирилади. Проактив ва композит хизматларнинг сони 400 тага етказилади. Келгуси йилнинг ўзида 180 турдаги бундай хизматлар жорий этилади.
Бюрократияни бартараф этиш – давлатнинг халққа хизмат қилишга қаратилган устувор вазифасидир. Биз биргаликда шундай тизимни яратишимиз керакки, фуқаро давлат идорасига эмас, давлатнинг ўзи ҳар бир фуқаронинг олдига бориши ва муаммосини ҳал қилиши лозим. Бу – Янги Ўзбекистон давлат бошқарувининг замонавий ва инсонпарвар қиёфаси бўлиши зарур, – деди президент.
Шундан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, Бюрократияни бартараф этиш дастурини ишга туширди.
Очилиш маросимидан сўнг президент форум мавзуси, илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди. Мамлакатда «Инсон қадри учун» ғояси барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётгани, бюрократияни бартараф этиш замирида ҳар бир қарор, ҳар бир хизмат, ҳар бир жараён фақат инсон манфаатига хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.





