Андижонда Фарғона канали қирғоғи шикастлангани сабабли хонадонларга сув кирди

Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани “Сарвонтепа” маҳалласидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналининг қирғоқларидан бири шикастланиб, натижада маълум миқдорда сув сизиб чиққани аниқланди. Бу ҳақда ФВВ хабар қилди.

Хабарга кўра, ҳодиса ҳақида маълумот олиниши билан Вилоят Норин-Қорадарё ирригация тизимлари бошқармаси томонидан канал бўйлаб сув оқими дарҳол тўхтатилган. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Андижон вилояти бошқармаси раҳбарияти ва барча зарур куч ва воситалар ҳодиса оқибатларини бартараф этишга жалб этилган. Расмийларга кўра, ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган.

Вазирликка кўра, ҳодиса оқибатида 30 хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг томорқасига сув кирган. 

Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

 

Андижон