Паркент туманида юк машинаси газ қувурини уриб юборди: 2 мингдан ошиқ аҳоли газсиз қолди
Паркент туманидаги газ қувурини юк машинаси уриб юбориши натижасида айрим истеъмолчиларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Худудгазтаъминот матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, юқори босимли газ қувурини юк машинаси уриб юбориши натижасида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилган.
Натижада туманнинг «Ёшлик», «Марказий», «Гулистон» ва «Оқ тепа» МФЙларидаги 2415 та аҳоли ва 56 та улгуржи истеъмолчиларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Ҳозирда, туман газ таъминоти бўлимининг авария бригадаси томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билдирилди.





