Ўзбекистонда ҳоким ўринбосарлари сони қисқартирилади
Туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятини такомиллаштиришга доир Ўзбекистон президенти фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Лойиҳада туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг сонини 4 нафар этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда туман ҳокимларининг 6 нафар ўринбосари бор. Фармон лойиҳасига кўра, 2026 йил охирига қадар 32 та туман ва шаҳарда бошқарувнинг янги тартиби жорий этилади.
Унда 9 та вазирлик ва идоранинг ҳудудий бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтказилади. Жумладан:
• Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
• Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
• Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
• Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
• Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
• Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги;
• Маданият вазирлиги;
• Оила ва хотин-қизлар қўмитаси;
• Ёшлар ишлари агентлиги.
Ҳокимлар ушбу тузилмаларга тўлиқ раҳбарлик қилиб, штат бирликларини мустақил белгилайди, кадрларни тайинлайди ва озод этади, рағбат ёки интизом чораларини қўллай олади, — дейилади хабарда.