Тошкентда ходимларига намоз ўқиш учун шароит яратиб берган раҳбар 21,6 млн сўм жаримага тортилди

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 14 февралдаги қарори билан МЧЖ биносида намоз ўқиш учун шароит яратган раҳбарга БҲМнинг 80 баравари миқдорида жарима тайинланди.

Таъкидланишича, Фарҳод Раҳмонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган.

«Ижтимоий тармоқларда муҳокама ва тортишувларга сабаб бўлаётган мазкур суд қарорининг қонунийлигига юқори инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилишини эслатиб ўтамиз.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли.

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин. Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорни чиқарган судга берилади», дейилган муносабатда.

Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ушбу ҳолатга муносабатини билдириб ўтган. Унинг ёзишича, ибодат диний маросим эмас, балки эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқ ҳисобланади.

«1998 йил 1 майда қабул қилинган ‘Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида’ги қонуннинг 14-моддасида амалга ошириш жойи чекланган амаллар қаторида ‘диний маросимлар’ билан бирга ‘ибодат’ ҳам кўрсатилган эди. 2021 йил 5 июлда қабул қилинган янги таҳрирдаги ‘Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида’ги қонуннинг 7-моддасида ‘Миллий тикланиш’ ДП фракциясининг ташаббуси билан жой бўйича чекловлар белгиланган амаллар қаторидан ‘ибодат’ сўзи олиб ташланган.

Демак, амалдаги қонунда ибодат жойи учун чеклов белгиланмаган. Албатта, ибодат одобига риоя қилиш мажбурияти муҳокама учун мавзу эмас. Судья ибодат учун шароит яратган Фарҳод Раҳмоновга нисбатан МЖКнинг 201-моддаси иккинчи қисми билан жаримани хато қўлламоқда. Модда ибодат ёки ибодатга шароит яратганлик учун эмас, ‘диний маросим’ ўтказиш талабини бузганлик учун қўлланилади.

Фарҳод Раҳмонов суд қароридан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб ҳисобланаётган мамлакатимизда эътиқод қилувчиларни ибодат амаллари учун бутун дунёда кенг қўлланилаётган амалиёт сифатида жамоат жойларида ҳам қулай шароит яратиб берилиши керак», — деган у.

Янгиликлар