Атмосферага зарар етказаётган 18 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди

Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳавони ифлослаётган бир қатор объектлар фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

24‑ноябр куни кечки 19:00 дан сўнг мамлакатда атроф‑муҳит хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли экологик назорат тадбирлари амалга оширилгани билдирилди.

Хусусан, Ташкил этилган экологик назорат тадбирлари Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида тузилган 4 та тезкор гуруҳ томонидан амалга оширилди.

Рейд давомида жами 103 та корхона ва иқтисодий фаолият юритувчи объектлар текширилиб, уларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига қай даражада риоя қилаётгани ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида 38 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан жами 34,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

Атроф‑муҳитга салбий таъсир кўрсатган ва қонун талабларини бузган 18 та объект фаолияти 10 кунга вақтинча тўхтатилди, — дейилади хабарда.

 

AI News