Хоразмда 2,9 млрд сўмлик қалбаки дори воситалари мусодара қилинди
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида контрабанда дори воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик матбуот хизмати.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида, 41 ёшли фуқаро яшаш хонадонида 64 минг 452 дона турли дори воситаларини сақлаб қелаётгани маълум бўлган.
Баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ хулосасига кўра, мазкур дори воситаларининг умумий қиймати 2.908.608.000 сўмни ташкил қилади, — дейилади хабарда.
Экспертиза текшируви хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг айрим турларига нисбатан мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаганлиги аниқланган. Шунингдек, дориларнинг иккинчи қисми сифатсиз ва яроқсиз ҳолатда эканлиги маълум бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан айбланувчи шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 — моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.