Ўзбекистонда истеъмолчилар энг кўп нимадан шикоят қилади? — рейтинг
«Потребитель.уз» Telegram канали 28 ноябрь–2 декабрь кунлари оралиғида келиб тушган мурожаатларни ўрганиб, энг кўп шикоят ва танқидлар қандай масалаларда бўлганини маълум қилди.
Хабарга кўра, товарлар ва хизматлардан шикоятлар ҳозирги кунда жамиятдаги барча хабарларнинг 4 фоизини ташкил қилади. Таъкидланишича, давлат идоралари ва коммунал хизматларга юборилган танқид ва даъволар каналдаги барча постларнинг 7 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 28 ноябрдан 2 декабргача (5 кун мобайнида) компанияларга қарши 20 та даъво келиб тушган.
Мавзуга доир: Тошкентда энг кўп, Хоразмда энг кам — вилоятларда аҳоли мурожаатлари ҳал этилиши рейтинги
Маълумотга кўра, истеъмолчилар асосан:
- интернет сифати;
- тўлов хизматларининг ишлаши;
- абонентни хабардор қилмасдан пулли мобиль хизматларга мажбурий улаш;
- мурожаат телефонлари қўнғироққа жавоб бермаслиги;
- уяли алоқа операторларининг Call-марказига уланиб бўлмаслиги;
- алоқа сифатининг пастлиги ва қамровининг ёмонлиги;
- нарх ёрлиғидаги нарх кассадаги нархга мос келмаслиги;
- истеъмолчиларнинг телефонига келадиган Spam хабарлар;
- ҳисобдан тушунарсиз тарзда пул ечиб олиниши;
- пул маблағларини олиш учун банкоматлар йўқлигидан шикоят йўллаган.
Шунингдек, баъзан:
- бузилган банкоматлар;
- қалбаки ювиш воситаларининг сотилиши;
- такси ҳайдовчиларининг қўполлиги;
- Paynet дилерларида катта фоиз ушлаб қолиниши;
- IMEI коди рўйҳатдан ўтказилмаган телефонларнинг сотилиши;
- буюртма қилинган овқат вақтида етказиб келинмаслиги;
- кафеларда буюртманинг кеч келиши;
- маҳсулотлар этикеткасидаги сўзларнинг хатолиги;
- озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидан бегона нарсалар топилишидан шикоят қилади.