Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябр — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Сиз, азизларни, ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – навқирон авлод таълим-тарбиясига бағишлаган муҳтарам устоз ва мураббийлар, соҳанинг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман, — деди президент.
Шу билан бирга, президент ўқитувчилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда таълим-тарбия тизимидаги ишлар чуқур таҳлил қилиниб, уларни янги босқичга олиб чиқишга доир аниқ мақсад ва режалар белгиланганлигини таъкидлади.
Хусусан, кейинги саккиз йилда давлатда таълим ва илм-фан учун харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўмни ташкил этгани, юзлаб янги боғчалар, мактаб, техникум ва олийгоҳлар қурилгани, таълим ва илм даргоҳларини замон талаблари асосида жиҳозлаш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган дастурлар эътироф этилди.
Мамлакатда қисқа муддатда боғчалар сонини 5200 дан 38 мингтага, қамров даражасини 27 фоиздан 78 фоизга оширилди, тарбиячилар маоши мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилди, ушбу муассасалардаги раҳбар ва педагоглар маоши қарийб 2 баробар оширилди.
Сўнгги йилларда 500 га яқин янги мактаблар барпо этилиб, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобидан 1 миллион ўқувчи ўрни яратилгани билдирилди.
Жумладан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилиши мўлжалланмоқда. Ўқитувчиларнинг замонавий компьютер техникаларини харид қилишлари учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.