Тошкент бозорларидаги видеотасвир учун кимлар тўлов қилмайди?

Ижтимоий тармоқларда бозорлар ҳудудида тижорат мақсадида видеотасвирга олиш учун тўловларни белгилаш бўйича нотўғри талқинлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазиятга тушунтириш берди.

Янги қоидалар оддий ташриф буюрувчиларга тегишли эмас. Шунингдек фуқаролар харидларини телефонга суратга олиши, оила билан расмга тушиши, шахсий блог ёки сторислар юритишига бепул ва рухсат этилган.

Сайёҳлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, расмий ОАВ журналистларига ҳеч қандай чекловлар қўлланилмайди. Қоидалар фақат тижорат мақсадидаги суратга олишга, яъни пул ишлаб, даромад олиш учун мўлжалланган видеотасвирларни олишга тааллуқли.

Тўлов фақат контентдан даромад оладиган профессионалларга тегишли:

• мунтазам равишда реклама, интеграция ва «просмотр»лардан пул топадиган йирик блогерлар ва инфлюенсерлар;

• клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки фильмлар суратга оладиган тижорат студиялари ва медиа ишлаб чиқариш гуруҳлари;

• ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун бозор ҳудудидан фойдаланадиган компаниялар.

Қайд этилишича бу кенг тарқалган халқаро амалиёт булиб, дунёнинг барча йирик шаҳарларида тижорат мақсадидаги суратга олиш учун пул тўланади.

Бунга асосий сабаблар:

• ҳудудни эгаллайди, одамларнинг ҳаракатланишига халақит беради;

• сотувчи ва харидорларга ноқулайлик туғдиради;

• қўшимча назорат, кузатув ва хавфсизликни таъминлашни талаб қилади.

Бозорлар нафақат савдо маскани, балки инфратузилма ҳамдир. Профессионал жамоалар штативлар, чироқлар, ускуналар, массовка ва актёрлар билан келганда – бу маиший тасвирга олиш эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнидир, — деб билдирилди.

Маблағлар қуйидагиларга сарфланади:

• ҳудудларни ободонлаштириш;

• санитария ва хавфсизликни таъминлаш;

• пиёдалар йўлаклари ва ўтиш жойларини яхшилаш;

• кузатув ва ёритиш тизимларига хизмат кўрсатиш.

Ушбу тартибни жорий этилиши, сўнгги йилларда тижорат мақсадидаги суратга олиш сезиларли даражада кўпайгани, блогерлар ва тижорат каналлари бозорлардан юкламани қопламаган ҳолда пул ишлаш жойи сифатида фойдаланаётгани, сотувчиларнинг фаолиятига халақит берувчи тасвирга олишлар ҳақидаги шикоятлари кўпайгани ва ягона, тушунарли тартиб ўрнатиш зарур эканлиги билан тушинтирилди.

AI News