Андижонда Варшава менежмент университети филиали очилади

Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов 29 октябрь куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Польшанинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Пётр Ивашкевични қабул қилди. Учрашувда Aндижонда Варшава менежмент университетининг филиалини очиш лойиҳасини амалга ошириш масаласи устида иш кетаётгани таъкидланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон—Польша кўп қиррали алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган. Шунингдек, сўнгги йилларда сезиларли фаоллашувга эга бўлган савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш Польша билан алоқаларнинг асосий йўналиши эканлиги таъкидланган. Маълум қилинишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Польшага экспорт қилиш ҳисобига 2020 йил январь—сентябрь ойларида савдо айланмаси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 фоизга ўсган.

Суҳбат давомида маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштиришга, хусусан, таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилган. Ҳамда ҳозирда Aндижонда Варшава менежмент университетининг филиалини очиш лойиҳасини амалга ошириш масаласи устида иш кетаётгани таъкидланган. Учрашув якунида Элчининг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдаги фаолиятига юқори баҳо берилган. Элчи Польшанинг Тошкент шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолияти қўллаб-қувватлангани учун миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Геология фанлари университетига боргани, Ўзбекистонда Корея билан ҳамкорликда тиббиёт олийгоҳи ва онкология маркази ташкил этилиши, Бухорода Ҳиндистоннинг Манипал университети филиали очилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши, Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилиши, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар