Бухорода тўйга кетаётган фуқаролар ЙТХга учраб, вафот этди (фото)

Бухоро вилоятида тўйга кетаётган фуқаролар йўл транспорт ҳодисасига учраб, вафот этди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 4 сентябрь куни соат 07:00 да 29 ёшли К.А. «Таyota» русумли автомашинани Хоразм—Бухоро А-380 йўли бўйлаб ҳайдаб кетаётиб, бошқарувни йўқотган. Йўлнинг чап томонига чиқиб кетиши оқибатида автомашина ағдарилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Автомашина ҳайдовчиси К.А. ва 33 ёшли йўловчи С.М. ҳодиса жойида вафот этган. Салонда бўлган иккинчи йўловчи 36 ёшли Ш.Р. оғир тан жароҳати олиб, тиббиёт муассасига ётқизилган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Наманганда ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ўзи ва яна 3 нафар йўловчининг вафотига сабаб бўлган.

Аввалроқ Қувасойда «Tico»нинг ағдарилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юбориши оқибатида 68 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этгани ҳамда Бувайдада 2 та «Nexia-2» ва велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, велосипед ҳайдовчиси касалхонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар