Булунғурда ўқувчилари ОТМга энг кўп қабул қилинган 3 та мактаб жамоаси ҳокимлик томонидан рағбатлантирилди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида 9 октябрь куни битирувчилари ОТМга энг кўп қабул қилинган 3 та мактаб жамоаси ҳокимлик томонидан моддий рағбатлантирилди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 2018/2019 ўқув йилида Булунғур тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларининг 144 нафар битирувчиси (7,7 фоиз) олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган. 2020 йилда бу кўрсаткич 313 тага (11.1 фоиз) етгани кузатилди. Битирувчилар олий таълим муассасасига қабул қилиниши бўйича энг яхши натижани 2020 йилда тумандаги 2-умумтаълим мактаби қайд этган. Мазкур мактабнинг 111 нафар битирувчисидан 35 таси олий таълимга қабул қилинган.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, натижалар бўйича 2-умумтаълим мактабида ўзгариш кузатилган. Ўтган ўқув йилида битирувчиларнинг ўқишга кириш кўрсаткичи 18,4 фоиз бўлган бўлса, 2020/2021 йилда 31,5 фоизлик натижага эришган.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Унда туман ҳокими Баҳодир Баҳромов, 2-сектор раҳбари, туман прокурори Собиржон Саидов, туман ҳокимининг ўринбосари Бекзод Илчиев, туман халқ таълими бўлими мудири Замира Алиқулова, мактаб педагогик жамоаси, фарзандлари олий таълим муассасасига қабул қилинган битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда ёшлар иштирок этди. Туман ҳокими, битирувчиларнинг олий таълим муассасасига қабул қилинишида энг яхши натижа кўрсатган тумандаги 3 та мактаб педагогик жамоаси ҳокимлик томонидан моддий рағбатлантирилишини маълум қилди.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, 2020 йилда битирувчилар қабули юзасидан энг яхши натижалар мос равишда тумандаги 2, 11, 37-умумтаълим мактабларига тегишли бўлиб, 11-умумтаълим мактабида 30,2 фоиз, 37-умумтаълим мактабида 27,5 фоизлик натижа қайд этилган.

Аввалроқ Самарқандда 5700 нафар мактаб битирувчиси талаба бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар