Кириш имтиҳонларининг биринчи кунида 6 мингдан ортиқ абитуриент тест синовига келмади, 59 нафари имтиҳондан четлаштирилди
Ўзбекистонда ўтказилаётган олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг биринчи кунида иштирок этиши керак бўлган жами 118 500 нафар абитуриентдан 112 188 нафари тестда иштирок этиш учун келди. Қолган 6 312 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонда иштирок этишга келмади.
Маълум қилинишича, текширилганда тана ҳарорати юқори бўлган 4 нафар абитуриент имтиҳонга киритилмаган ва улар билан тиббиёт ходимлари шуғулланган.
Қайд этилишича, абитуриентлар томонидан имтиҳонга ўзлари билан турли электрон буюмлари — мобиль телефонлар, микрокалкуляторлар, қулоқчин, электрон соатлар, турли нарсаларга ёзилган шпаргалкаларни олиб кириш ҳолатлари кузатилган.
Шунингдек, имтиҳоннинг биринчи кунида 59 нафар абитуриент тест синовидан четлаштирилган. Уларнинг 33 нафари уяли телефонларни, 4 таси қўлбола ясалган электрон қурилмаларни яширин олиб киришга уринган ва 5 нафари тана қисмларига шпаргалка ёпиштириб кирмоқчи бўлган. Ҳамда 5 та ҳолатда абитуриент ўрнига бошқа шахслар киришга уриниб кўрган ва 1 та ҳолатда рухсатнома қалбакилаштирилган. Бундан ташқари, 4 та ҳолатда абитуриентлар бир-бирига ёрдам бергани учун тестдан четлатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда, Самарқандда ва Aндижонда кириш имтиҳонлари бошлангани ҳамда Фарғонада кириш имтиҳонларида абитуриентларга дўппи тарқатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Ўзбекистон бўйича 37 нафар абитуриент биринчи сменада тестдан четлаштирилгани маълум қилинди.