«Коронавирусда осма укол олиш зарарли ва ўлим хавфини оширади» — Севара Убайдуллаева

Коронавирусда осма укол (капельница) олиш зарарли ва ўлим хавфини оширади. Бу ҳақида коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.

«Одамлар ‘Олдин шамоллаганимда осма укол олгандим, яна бир марта олсам, ўтиб кетади деб ўйладим’ дейишади. Касалликнинг 6—7-кунига бориб, уларнинг аҳволи оғирлашишни бошлаяпти. Томографияга тушишяпти, ўпканинг жароҳатлангани, сув йиққанини кўришяпти. Бу даврда энди биз амбулатор шароитда ёрдам беролмаймиз.

Осма уколлардан кейин касалликнинг 5—6-кунида ўпка суюқлик йиғишни бошлаяпти, ўпка шиши келиб чиқяпти. Ҳозирги кунда ўлаётган беморларнинг ҳамма ташхисини кўринг: ўпка шишиши! Булар ўзидан ўзи келиб чиқмаяпти. Ҳаммаси осма укол таъсири», — дейди Севара Убайдуллаева.

Шунингдек, у буйраклар ушбу суюқликни чиқариб ташлашга улгурмаётганини таъкидлади. Бу юрак қобиғида ҳам суюқлик йиғилишига олиб келишини, жигарни ишдан чиқариши мумкинлигини айтди.

«Осма укол олишдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг. Одамлар осма уколлардан воз кечса, Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи камаярди», — дейди коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси.

Aввалроқ ширчой коронавирусни даволаши, саримсоқпиёз дамламаси коронавирусга даво бўлиш-бўлмаслиги ҳамда асал ва кунжут аралашмаси коронавирусни даволовчи хусусиятга эга эмаслиги борасида мутахассислар маълумот берганди.

Комил Aлламжонов коронавирус вакцинаси 2021 йилда ҳам етиб келмаслиги мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимлиги коронавирусни даволашда исириқ ва атиргул ҳидлашни тавсия қилган эди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши дори ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.

Янгиликлар