Мутахассис коронавирусни бошдан кечирган беморларнинг кун тартиби қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда ўтган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

«Онам яқинда короновирусни бошларидан ўтказдилар, ҳолсизлар. Уларнинг кун тартиби, овқатланиши, жисмоний фаоллигини ташкил этишлари бўйича қандай тавсияларни беришингиз мумкин?» — саволга жавобан у даволаниш жараёнидан кейин ҳолсизлик бўлиши табиий ҳолат эканини айтди.

«Чунки касаллик енгил кечса ҳам, ўз асоратини ташлаб кетади. Баъзиларда ўпканинг шикастланиши — фиброз кузатилади, яъни норомал тўқима ўрнини бириктирувчи тўқима эгаллайди. Енгил даража бўлса, озгина чандиқ қолиши мумкин ва буни бемор тузалганидан сўнг билмаслиги мумкин. Лекин катта ўчоқ зарарланса, ҳансираш кузатилади.

Шунинг учун уй шароитида ёки амбулатор шароитда реабилитация жараёнини олиб боришингиз керак. Реабилитация жараёнини нафас машқларидан бошлаш керак. Кунига 10—15 минутдан бошлаб секин-аста кўпайтириш керак», — дейди мутахассис.

Шунингдек, Барно Абдусаматова жисмоний фаолликнинг энг муҳим принциплари — бу мунтазамлик ва юкламаларни боқичма-босқич ошириб бориш, яъни ҳафтада 2 соат ёки ундан кўпроқ вақт кетма-кет шуғулланишдан кўра, ҳар куни 10 дақиқалик машқларни кун давомида такрорлаб туриш фойдалироқлигини таъкидлаган.

«Онангиз аҳволларига қараб ётоқда ва ўтириб бажариладиган машқларни сизнинг ёрдамингизда бажаришлари мумкин», — дейилади тавсияда.

Бунга қўшимча, шифокор юришни ҳам тавсия қилган. Унинг айтишича, аввал хона атрофида, сўнгра аста-секин ҳудудни кенгайтириш мумкин. Сўнгра ҳовлига ёки кўчага чиқиш мумкин. Ҳолсизликда коронавирусни бошдан кечирганларга бошқа бир киши ҳамроҳлик қилиши тавсия этилади.

Шунингдек, мутахассис жисмоний зўриқиш келтирувчи ишларга тўлиқ тузалмагунча ўтиш тавсия этилмаслигини, кун тартиби ва овқатланиш тартибларига риоя қилиш зарурлигини айтиб ўтган.

«Соат 23:00 дан кеч бўлмаган вақтда ётиб, яхши ухлашлари керак. Иложи бўлса, кун давомида ҳам дам олишлари мумкин. Уйқуни ташкил этишда ундан олдин хонани шамоллатиш зарур. Компьютер, смартфондан фойдаланмаслик, ётишдан олдин бир неча соат телевизор кўрмаслик жуда муҳимдир.

Тўғри овқатланиш тамойилларга кўра, меъёрдан ошмаган ҳолда ҳамма нарса ейиш мумкин. Оқсилга бой маҳсулотлар, витаминлар, микроэлементлар рационда бўлиши керак. Чегараланиш фақат ўта ёғли ва ширин маҳсулотларда бўлиши керак.

Тўғри тузилган кун тартиби, меҳнат ва дам олиш режимини сақлаш, кўпроқ очиқ ҳавода бўлиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик касалликдан тез ва асоратсиз тузалишга ҳамда касалликка қарши курашиш қобилиятининг ошишига олиб келади», — дейди Барно Абдусаматова.

Аввалроқ Барно Абдусаматова коронавирус аломатларини энди сезаётган бемор қайси лаборатор диагностика усулидан ўтиши кераклиги ҳақида гапирган эди. Шунингдек, артериал гипертонияси бор инсонда коронавирус оғир кечиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар