Қидирувдаги Ўзбекистон фуқароси Ҳуррам Б. Қозоғистонда қўлга олинди
Ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда жиноят содир этганликда гўёки асоссиз айбланаётган Ўзбекистон фуқароси, 59 ёшли Ҳуррам Б.нинг қўлга олинганлиги тўғрисида хабар тарқалмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2013 йилнинг охирида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига фуқаро Э.Э. ва Ф.П.лардан келиб тушган аризада уларга Чимкент шаҳрида катта маош тўланадиган иш таклиф қилган бир гуруҳ шахсларга нисбатан чора кўришни сўраган. Жабрланувчиларга қонуний ишга жойлашиш ваъда қилинган. Шу йилнинг ўзида ўзларини «Мустақил мардикорлар ташкилоти» вакиллари сифатида таништирган шахслар Э.Э. ва Ф.П.ларни Чимкент шаҳрига олиб кетган. Чимкентга етиб боргач, уларнинг паспортларини олиб қўйган ва қурилишда ишлашга мажбур қилиб, ваъда қилинган маошни тўламаган.
Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан 2013 йилнинг 19 декабрь куни жабрланувчиларнинг аризаларига асосан Жиноят кодексининг 135 моддаси (Одам савдоси) «б» банди 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида мазкур жиноятни содир этганликда гумонланувчи шахслар аниқланган. Улар сурхандарёлик 1961 йилда туғилган Ҳуррам Б., Нураддин Д. ва Фахриддин Т. бўлганлиги маълум бўлди. Нураддин Д. ва Фахриддин Т. жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳуррам Б. эса 2014 йилнинг январь ойида қидирувга берилганди.
Ҳуррам Б.нинг турар жойи 2020 йилнинг февраль ойида аниқланди ва Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида қўлга олинди. 17 август куни, карантин чекловлари бекор қилингач, Ҳуррам Б. қонуний чора кўрилиши учун Ўзбекистонга этап қилдирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ҳуррам Б. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) «г» банди 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Унга қарши бошқа ҳеч қандай айблов кўзда тутилмаган.
Аввалроқ Олтиариқда фирибгарлик содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.
Ундан ташқари, Қўқонда ўғирлик содир этиб, қидирувда бўлган шахс ва Қувасойда фирибгарлик қилиб, терговдан яширинган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўқонда божхона қонун ҳужжатларини бузгани сабаб қидирувда бўлган шахс қўлга олингани ҳамда Фарғонада танишининг ишончига кириб, уни 15 миллион сўмга «ухлатган» фуқарога жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинганди.