«Қизларимизни энагаликка тайёрлашимиз керак эмас» — Танзила Норбоева

Тошкент шаҳрида 10 октябрь куни Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Гендер тенглик масалалари комиссияси томонидан Халқаро қизлар кунига бағишланган учрашув ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева видеоконференцалоқа тарзида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, 2012 йилдан 11 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро қизлар куни этиб белгиланган. Ундан кўзланган мақсад турли мамлакатларда қизларнинг камситилиши муаммосига жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб қилишдан иборат. Қизларнинг таълим олиши, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлардан, тиббий хизматдан фойдаланишига имкон бериш учун дунё аҳлининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳам бу сананинг моҳиятини ташкил этади.

«Қизларимизга катта чақириқ билан чиқмоқчиман: мен дунёга фақатгина она бўлиш учун, фақатгина турмуш ўртоқ бўлиш учун келдим, деган фикр нотўғри. Бу фикр 50 фоиз қизлар учун бир томондан тўғри бўлиши мумкин, лекин қолган 50 фоизи ўзимни намоён қилишим керак, билимим, салоҳиятим билан интилишларимни рўёбга чиқаришим керак, деган мақсад билан яшаши керак. Бунинг учун эса жамият уларга шароит яратиб бериши лозим.

Биз қизларимизни энагаликка тайёрлашимиз керак эмас. Улар олий маълумотли бўлиб, ахборот-коммуникация тизимларида етакчи мутахассис бўлишлари, юксак технологияларнинг эгалари ҳам бўлиши керак. Давлатимиз раҳбарининг юксак сиёсий иродаси туфайли ҳозирги кунда аёллар мамлакатимизда пешқадам бўлиб, катта лавозимларга кўтариляпти. Биргина менинг мисолимда айтадиган бўлсам, Сенатга раис — аёл киши. 6—7 йил олдин аёл киши мана шундай юксак даражада ишлаб кетиши мумкинлигини айтиб бўлармиди? Ким ишонарди? Ҳеч ким.

Шунингдек, илгари қарорлар қабул қилишда аёлларнинг иштироки деганда бу аёл, у кўпроқ оиласида бўлиши лозим, қарорлар қабул қилиш эркакларнинг иши, деган фикр бор эди. Бироқ охирги сайловда ўзингиз гувоҳи бўлдингиз — Қонунчилик палатасида 32 фоиз, Сенатда 25 фоиз, маҳаллий кенгашларда 25 фоиз аёлларимиз сайланди. Ҳозирда халқ вакиллари сифатида фаолият олиб бормоқда», — дейди Танзила Норбоева.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, республикада давлат мукофоти совриндорлари бўлган хотин-қизлар сони 2 минг 224 нафарга етган. Хусусан, Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган 339 нафар хотин-қизнинг 10 нафари ҳокимият тизимида, 30 нафари турли вазирлик, идора ва ташкилотларда, 70 нафари таълим тизимидаги бошқарув аппаратида фаолият олиб бормоқда.

Фото: «Tez News»

Учрашувда бу ва бошқа ютуқлар ҳақида сўз юритилар экан, мавжуд шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш қизларнинг ўзларига ҳам боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилиши ҳақида хабар берилганди. Унда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Янгиликлар