Қўқонда хонадондан 2,5 млн сўмлик техника воситалари ва 200 доллар пул ўғирлаган эркак ушланди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида хонадонга яширинча ўғриликка тушиб, 2,5 миллион сўмлик телевизор, 50 минг сўмлик телефон ҳамда 200 доллар ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 16 октябрь куни Мовароуннахр кўчасида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилиб бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан 15 октябрь кунидан 16 октябрь кунига ўтар кечаси соат 03:00 ларга қадар номаълум шахс M.A.нинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кирган. У меҳмонхонасида бўлган нархи 2,5 миллион сўмлик телевизор, нархи 50 минг сўмлик уяли телефон аппарати ва 200 долларни яширин равишда ўғирлаб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган Д.М. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Фарғона туманида 6,5 миллион сўмлик техника воситаларини ўғирлаган эркак, Олтиариқда амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган бола қўлга олинганди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида фуқародан 13 минг долларлик кийимларни олиб, пулини бермаган аёлларга жиноят иши қўзғатилганди.