Қоракўлда 3 километрдан ортиқ масофага юриш марафони ўтказилди (фото)

Бухоро вилояти Қоракўл туманида 9 октябрь, жума куни 3 километрдан ортиқ масофага юриш марафони ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, мазкур марафон Вазирлар Маҳкамасининг 10 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси»нинг 81-бандидаги фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини ташкил этиш, касалланиш даражасини, шу жумладан, юрак хасталигини камайтириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган «Соғлом ҳаёт сари қадам» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.

Фото: Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу оммавий тадбирда туман мутасаддилари, нуронийлар, аёллар ва ёшлар белгилаб берилган масофани пиёда босиб ўтган. Қайд этилишича, туман бош бекат ҳудудидан бошланган марафоннинг финиш чизиғига етиб келганлар учун туман марказий ўйингоҳида тонгги бадантарбия машғулотлари дастури ҳам ташкил этилган. Таъкидланишича, ушбу ташкил этилган оммавий спорт тадбирида 1000 дан ортиқ аҳоли вакиллари иштирок этди.

Фото: Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Мавзуга доир:

Аввалроқ Бухорода вилоят ҳокими иштирокида югуриш марафони ўтказилгани, Когон шаҳрида ўтказилган юриш марафонида мингга яқин иштирокчи қатнашгани, Бухорода ўтказилган пиёда юриш марафонида 100 дан ортиқ киши қатнашгани, Ўзбекистонда 4600 километрлик Тошкент—Термиз—Орол автомарафони ўтказилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар