Шаҳрихондаги касб-ҳунар ўргатиш марказида 110 кишини 8 та ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилди (фото)
Андижон вилояти Шаҳрихон енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи негизида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, ҳозирда бу ерда ёши чегараланмаган 110 нафар фуқаро 8 йўналиш бўйича 11 та гуруҳда ўқитилмоқда. Марказга, асосан, эҳтиёжманд деб топилиб, «темир дафтар»га киритилган оила вакиллари жалб этилмоқда. Шунингдек, қўлида ҳунари, лекин ишлаш учун зарур ҳужжати бўлмаган фуқаролар ҳам 3 ойлик курсда ўқитилиб, диплом ва сертификат билан таъминланиши кўзда тутилган.
«Марказимиз фаолиятининг асосий мақсади ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини ҳудудий ҳамда минтақавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитишдан иборат. Шу билан бирга, юртимизда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларининг тобора ривожланаётгани туфайли маҳаллий мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида айни пайтда марказда 50 нафар мутахассис томонидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, бухгалтерия, тикувчилик, маиший ва мобиль қурилмаларни таъмирлаш, ахборот технологиялари ва веб-сайтлар яратиш, гўзаллик салони, ошпаз-қандолатчи ва сантехник каби йўналишлар бўйича тингловчиларга сабоқ берилмоқда», — дейди муассаса директори Гулнорахон Аҳмедова.
Қайд этилишича, курс тингловчиларига ҳар ойда шахсий харажатлари учун 223 минг сўмдан нақд пул берилмоқда.
Келгусида марказда қўшимча тарзда кутубхоначилик иши, эркаклар сартароши, нутқ маданияти, саҳна безаги ва декларация йўналишларини ҳам очиш режалаштирилган.
Аввалроқ Пастдарғомда мактаб битирувчилари «уста-шогирд» асосида иш билан таъминланиши, Шаҳрихонда 8 нафар мактаб битирувчисига тикув машиналари топширилгани хабар қилинган эди.