Тўрақўрғонда тўйда жанжаллашиб, қўшнисини пичоқлаган эркакка жиноят иши қўзғатилди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида укасининг уйида бўлган суннат тўйда жанжаллашиб, қўшнисини пичоқлаган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 октябрь, якшанба куни соат 19:30 ларда Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро маҳалладош қўшниси бўлган 1995 йилда туғилган фуқаро билан укасининг уйида бўлган суннат тўйида ўзаро гап талашиб, жанжаллашиб қолган. Кейин фуқаро қўшнисининг ёнида бўлган ош пичоқ билан қорин соҳасига бир маротаба урган. Оқибатда 1995 йилда туғилган фуқаро қорин олд деворини тешиб ўтган санчилган жароҳат ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 19 октябрь куни Жиноя кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Юнусободда 4 кишини пичоқлаб кетган шахс ҳамда Марҳаматда уч кишини пичоқлаганлар ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Бухоро шаҳрида 32 йил аввал пичоқлаб ўлдирилган аёл қотили қўлга олингани ҳамда Сирдарёда фуқаро қарздорликни ундириш учун борган газ идораси ходимини пичоқлаб ўлдиргани маълум қилинганди.