Бухоро шаҳрида 32 йил аввал пичоқлаб ўлдирилган аёл қотили қўлга олинди (видео)

Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан 32 йил аввал пичоқлаб ўлдирилган аёл қотили қўлга олинди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, воқеа 1988 йилнинг 5 октябрь куни тахминан соат 11:30 ларда Бухоро шаҳар Пабло Неруда кўчасида (ҳозирги Пиридастгир) содир бўлган. Маълум қилинишича, ўша вақтда 26 ёш бўлган М.Б. 1988 йил 5 октябрь куни мазкур кўчанинг 3-уй 110-хонадонида яшайдиган, 1933 йилда туғилган аёл олдига келган.

Скрин: Видео

Aниқланишича, аёл М.Б.га уйга киришга рухсат берган, уйга киргандан сўнг эркак аёлга жинсий алоқа қилишни таклиф қилган. Бу вақтда аёл унга рад жавобини берган.

«Рад жавоби бергандан кейин мен у билан жанжаллашиб қолганман. Жахлим чиққан, у уйдан чиқиб кетишимни талаб қилган. Бунинг натижасида иккаламиз ўртамизда қаттиқ жанжал чиқиб кетди ва мен унга пичоқ урганман», — дейди М.Б.

Aниқлик киритилишича, М.Б. аёлнинг қорин, кўкрак қисмларига уч-тўрт марта пичоқ урган. Хабарда айтилишича, М.Б. қотиллик жиноятини содир этгач, жабрланувчига тегишли бўлган тилла тақинчоқларни олиб, воқеа жойидан яширинган. Вилоят ИИБнинг хабар қилишича, 32 йил ичида М.Б. 3 маротаба қасддан қилган жиноятлари учун судланган:

  • 1993 йилда эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 15-81 моддаси, яъни қасддан оғир тан жароҳати етказиш;
  • 1996 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми;
  • 2005 йилда 169-модданинг 1-қисми, яъни Ўғирлик жиноятларини содир этганликда айбланган.

Ромитан туманининг Чандир қишлоғида яшовчи эркак М.Б.нинг бармоқ излари 2020 йил сентябрь ойида вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлими томонидан текширилиб, тадқиқотлар натижасида ушбу жиноят содир бўлган жойдан олинган бармоқ излари билан бир хил эканлиги ойдинлашган.

Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланди ва олиб борилган суриштирув ишлари натижасида жиноятни содир этган шахс айбига тўла иқрорлик билдириб қилмишидан пушаймон эканини баён этган. Унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 5 ёшли қизини ўлдириб, мурдасини ўчоқда ёқиб, кейин дарёга ташлаган она, Жомбойда укасини ўроқ билан ўлдирган шахс, Андижонда эрини бўғиб ўлдириб, арраланган жасадини ҳожатхонага ташлаган 25 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилгани ҳамда Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар