Тошкентда қиймати 200 млрд сўмни ташкил этган янги меҳмонхона фаолиятини бошлайди
Тошкентда қиймати 200 миллиард сўмни ташкил этган ва дунёнинг топ меҳмонхона брендлари қаторига кирувчи «Courtyard by Marriott» бренди ўз фаолиятини бошлайди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаментининг матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, меҳмонхона мажмуасида 131 хона ҳамда 250 кишилик конференс-зал мавжуд бўлиб, умумий қиймати қарийб 200 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг қурилиши учун 2020 йилнинг август ойига қадар қарийб 190 миллиард сўм миқдорида пул маблағи ўзлаштирилган. У Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Кичик Бешёғоч кўчаси манзилида қурилмоқда.
Таъкидланишича, меҳмонхона мажмуасига халқаро аэропорт ва вокзалдан 5 дақиқалик йўл. Мажмуанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 70 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Унинг очилиш маросими 2020 йил 1 декабрь санасида ўтказилиши режалаштирилган.
«‘Courtyard by Marriott’ Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, Ўзбекистон туризм соҳасига кириб келмоқда. Меҳмонхона мажмуаси маҳаллий инвесторларнинг маблағи ҳисобидан қурилаётганлиги эса, айниқса, қувонарли ҳол. У ‘Courtyard by Marriott Tashkent Yakka-Saray’ номи билан аталиши режалаштирилган. 25 сентябрь куни Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари меҳмонхона қурилиш жараёни билан яқиндан танишди», — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, «Courtyard by Marriott» – 1957 йилда америкалик Ж.Уиллиард Марриот томонидан асос солинган «Marriott international» компаниясининг махсус бренди ҳисобланади. Ҳозирда «Courtyard by Marriott» бренди остида дунё бўйлаб 1 254 та меҳмонхона ва дам олиш масканлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, улардаги умумий хоналар сони 187 мингтадан ошади. Компаниянинг бош офиси АҚШнинг Мериленд штатида жойлашган.
Мавзуга доир: БАА Самарқандда тўрт юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қуриш учун 300 миллион доллар ажратади
Аввалроқ Бухорода қурилаётган «Bukhara City»га 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши, Самарқанд туманида қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ янги сайёҳлик объекти очилиши ҳамда Тўдакўл қирғоғида қиймати 6 миллион долларни ташкил этган сайёҳлик курорти ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.