Тошкентда «Spark» билан тўқнашган «Matiz» ёниб кетди
Тошкент шаҳрида «Spark» билан тўқнашган «Matiz» ёниб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 сентябрь куни соат тахминан 18:30 атрофида Тошкент шаҳар Юнусобод туман Боғишамол кўчаси Ботаника боғи қаршисида «Spark» ва «Matiz» русумли транспорт воситалари тўқнашиб кетган.
Тўқнашув оқибатида «Matiz» автомашинасида ёнғин юзага келган.
Қайд этилишича, «Spark» русумли автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳамда «Matiz» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, касалхонага жўнатилган. «Matiz» автомобилида юзага келган ёнғин бартараф этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Чинозда «Nexia-3» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲда тўрт киши ҳамда Пахтачида «Isuzu» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Олтиариқда мактаб ўқувчиси бошқарувидаги «Labo» трактор тиркамасига урилгани ва Қўқонда «Nexia-2» уриб юборган пиёда ҳодиса жойида вафот этгани маълум қилинди.