Тошлоқ ҳокими гўшт, шакар ва пахта ёғи нархини пасайтириш бўйича таклиф берди

Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев гўшт, шакар ва пахта ёғи нархининг кескин ошиб кетишини олдини олиш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича ўз таклифини берди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирларига бағишланган сессия ўтказилган. Унда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари туманда озиқ-овқат хавфсизлиги ва захираси юзасидан килинган ишлар бўйича ҳисобот берган.

Ҳокимлик фаолиятига қадар тадбиркорлик билан шуғулланган Абдуқаҳҳор Жўрабоев гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш масаласида таклиф берган. У чорва маҳсулотларини бозорга «ўртакашларсиз», тўғридан-тўғри етказиб бериш орқали гўшт нархининг кескин ошиб кетишини олдини олиш мумкинлигини таъкидлаган.

Фото: «Tez News»

«Жойларда ўрганганимизда мол-қўй боқаётган одамларимиз 45—50 минг сўмдан сўйиб берса, уни яна кимдир — иккинчи одам олиб келиб, учинчи одамга беряпти. У майдалаб, бозорда қиммат нархда сотяпти. Шунинг учун, ҳар бир фермерларга алоҳида ҳудуд ажратиб бердик. У ўша ерда ўзининг сотувчиси билан маҳсулотини сотади. Мисол учун, бугун бир мол сўйса, битта, иккита сўйилса, иккита сотади. Бу орқали, биринчидан, фермерга тўғридан-тўғри сотиш имконияти туғилади. Иккинчидан, рақобат дегани пайдо бўлади. Дўконда арзон нархда чиройли қилиб, савдо йўлга қўйилгандан кейин унинг нариги томонида турган қассоблар ҳам — ҳамма ўша тарафга кетгандан кейин, у ҳам нархини туширишга ҳаракат қилади», — дейди Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўраев.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, туман ҳокими Ўзбекистоннинг Украинадаги фавқулодда ва муҳтор элчиси ёрдамида Украина шакар ишлаб чиқарувчи корхонаси билан икки тарафлама келишув ва шартномалар тузилганини маълум қилган.

Фото: «Tez News»

«Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчимиз Украинада жойлашган шакар ишлаб чиқариш корхонаси билан алоқа боғлаб берди ва биз улар билан ҳамкорликни бошладик. Агар мамлакатимизга импорт қилишни тўғри йўлга қўйсак, ушбу импорт шакарнинг 1 килограммини 4 000 сўмдан сотилишига эришишимиз мумкин ва бунга сўз берамиз», — дейди тумани ҳокими.

Бундан ташқари, Абдужаббор Жўраев ёғ нарҳини арзонлаштириш борасида вилоят ҳокимига ўз таклифини киритганлигини билдирган.

Фото: «Tez News»

«Агар таклифим вилоят ҳокими томонидан маъқулланадиган бўлса, туманимиз бозорларида пахта ёғи нархининг тушишини таъминлаган бўламиз. Яъни пахта тўқимачилик кластеримизда ишлаб чиқариладиган ёғ маҳсулотларини биржада сотадиган бўлсак, у кимошди савдосига айланиб кетади ва нархлар ёғларни улгуржи миқдорда ҳарид қилувчи тадбиркорлар томонидан ошиб кетишига сабаб бўлади. Агар биз кластерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни биржасиз, тўғридан-тўғри сотадиган бўлсак, Тошлоқ туманида пахта ёғи нархининг 9 000 сўмга тушишига эришишимиз мумкин. Шунинг учун бу таклифимиз ҳам маъқулланадиган бўлса, ишонч билан айтишим мумкинки, Тошлоқ туманида 10 кун ичида юқоридаги маҳсулотлар нархлари ваъда қилинган миқдорда белгиланиб, сотилишни бошлайди», — дея таъкидлайди Тошлоқ тумани ҳокими.

Аввалроқ Олтиариқда 85 гектардан ортиқ майдондаги музхонада мева-сабзавот захиралари сақланиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар