Жомбойда жойлардан ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва рекламалар олиб ташланади
Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлардан ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва рекламалар олиб ташланади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда ўзбек тили байрамига ҳозирлик кўриш ишлари доирасида ташқи реклама баннерларини давлат тили ва имло қоидаларига мувофиқлаштириш чоралари кўрилмоқда. Туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилган. Жойларда тарғибот-тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан «Катта ўзбек тракти» халқаро автомобиль йўлининг Жомбой туманидан ўтган қисмида давлат тилига эътибор масаласи таҳлил қилинган. Тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотларда пешлавҳа, реклама ва эълонлар матнини давлат тилига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар берилган. Давлат тилига мос келмайдиган, имловий ва услубий хатоликлари бўлган пешлавҳаларни янгилаш бўйича амалий ишлар ўтказилмоқда.
Аввалроқ Наманганда кўчалардаги реклама баннерлари ўзбек тилида ёзилишини тарғиб қилиш бўйича тадбир ўтказилгани ҳамда Самарқанд кўчаларидаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозалангани ҳақида хабар қилинганди.
Маълумот учун, Нурободда ўзбек тили қоидаларига риоя қилинмаган реклама баннерлари олиб ташланган. Кейинчалик Самарқанд кўчаларидаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозаланган эди.