Андижон вилояти ҳокими тиббий кўрикдан мажбурий ўтиш тизимини жорий этишни таклиф қилди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 6 ноябрь куни Президентнинг видеоселектор йиғилишида тиббий кўрикдан мажбурий ўтиш тизимини жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Кun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 6 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув давомида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сўзга чиқиб, бир қатор таклифларни илгари сурди. Шунингдек, вилоят ҳокими тиббиёт олийгоҳларига квоталар белгилашни ҳудудлар ваколатига ўтказишни ҳам таклиф қилди.

«Вилоятда кадрлар қаерга кераклигини биз ҳокимлар яхши биламиз. Шунинг учун, вазиримиз билан келишган ҳолда квоталарни ҳам шароитдан келиб чиққан ҳолда ўзимиз белгиласак. Шунингдек, халқимиз энди ўз соғлиғига бефарқ. Улар аҳволи ёмонлашгунча тиббий кўрикдан ўтмайди. Шу сабабли, фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтишини мажбурий қилиш керак, деб ҳисоблайман. Агар рухсат берсангиз, келинг, ушбу тизимни Андижон вилоятида синаб кўрайлик», — деди Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Президент бу таклифларга муносабат билдириб, соғлиқни сақлаш вазири тез орада Андижонга бориши, барча масалалар шундан кейин, келишилган ҳолда вилоят депутатлари қарори билан ҳал этилишини айтган.

Аввалроқ Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимини «бутунлай қайта кўриб чиқиш» бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар