Хўжаободда машина ўриндиғи остида салкам 1 кг гашиш олиб кетаётган эркак ушланди
Андижон вилоятида 30 октябрь, жума куни ўтазилган тезкор тадбир давомида Хўжаобод туманида машина ўриндиғи остида салкам 1 килограмм гашиш олиб кетаётган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 30 октябрь, жума куни Андижон вилоят ИИБ ҳамда ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро Ш.Ж. бошқариб келаётган «Nexia» русумли автомашина вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан тўхтатилган.
Хабарга кўра, ушбу автомашина кўздан кечирилганида, унинг олди ўриндиғида келаётган йўловчи Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро М.М.нинг ўтирган ўриндиғи тагида жами оғирлиги 997,5 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.
Бундан ташқари, мазкур тадбир давомида 2 нафар жиноятга мойил, 1 нафари муқаддам судланган шахслардан иборат уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан жами оғирлиги 475,42 грамм бўлган гашиш гиёҳванд моддалари далилий ашё сифатида олинган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар бўйича фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда 22,5 грамм марихуана сотаётган одам ҳамда Балиқчида чўнтагида 2,34 грамм марихуана олиб юрган эркак қўлга олингани маълум қилинганди.
Шунингдек, Андижонда 4 минг долларга гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс ва Пахтаободда 22,43 грамм нашани 750 минг сўмга сотмоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар берилган эди.