Ўзбекистонда Хитой вакцинасининг текширув жараёни бошланди
Ўзбекистонда Хитой вакцинасининг текширув жараёни бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 2020 йил 19 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан сифат назорати текширувларини ўтказиш учун тақдим қилинган вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан қабул қилинган.
«Ҳозирги вақтда Давлат марказининг Фармакология қўмитаси томонидан ушбу вакцина клиник тадқиқотларининг биринчи ва иккинчи босқичлар ҳужжатлари экспертизаси, шунингдек, ‘Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази’ ДУКнинг Вакцина, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил лабораторияси, Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси ҳамда Фармако-токсикологик лабораторияда вакцинанинг сифат назорати текширувлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.
Агентлик барча амалга оширилаётган ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида эканлигини маълум қилган. Шунингдек, текширувлар ижобий якунланганидан сўнг Давлат маркази ва Этика қўмитасининг ижобий хулосасига мувофиқ, вакцинанинг учинчи босқич клиник тадқиқотларини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи ҳал этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ самарадорлиги 90 фоиздан юқори бўлган «Pfizer» вакцинаси нархи маълум бўлганди. Кейинчалик «Pfizer» вакцинасини АҚШда соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Трамп АҚШ аҳолиси қачон COVID-19’га қарши вакцина билан тўлиқ таъминланишини ҳақида гапирганди. Шундан сўнг мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш санаси маълум қилинган.