Фарғонада ҳайдовчи «Nexia»ни бетон тўсиққа бориб урди — фото

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 29 декабрь куни фуқаро М.М. бошқарувидаги «Nexia» бетон тўсиққа бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, ҳайдовчи машинасини Янгиараб маҳалласи ҳудудида бошқариб кетаётиб, автомашина бошқарувини йўқотиб, йўлнинг ўрта қисмидаги бетон тўсиққа урилган. Оқибатда фуқаро М.М. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ туманида ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

«Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик орқали ўзингиз ва бошқалар соғлиғига шикаст етказишингиз мумкинлигини эсдан чиқарманг», дейилади ИИБ хабарида.

Аввалроқ Самарқандда «Lacetti» уриб юборган 16 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ва Екатеринбургда йўл транспортҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик 5 ёшли бола ва 27 ёшли аёл вафот этгани хабар қилинганди. Шуниннгдек, Тошкентда дарахтга бориб урилган «Malibu» ёниб кетгани хабар берилганди.