Ўзбекистон ва Ҳалқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ўртасида 46 млн долларлик битим имзоланди

Ўзбекистон ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ўртасида 4 август куни қиймати 46,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича молиявий битим рақамли имзоланиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати

Маросим онлайн форматда ўтказилиб, мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун муҳим бўлган ҳужжатлар махсус планшетларда рақамли имзолар билан тасдиқланди.

«Бугунги онлайн мулоқот ўтган йили Римда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) президенти жаноб Жильбер Фоссун Унгбо билан конструктив мулоқот ҳамда эришилган келишувларнинг мантиқий давоми, дейиш мумкин. Шубҳасиз, ушбу лойиҳа ҳукуматнинг ‘Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси’нинг муҳим таркибий қисми сифатида соҳада концептуал ўзгаришларга эришишга катта эътибор қаратади. Ўз навбатида, IFAD бу йўналишда энг яқин ҳамкорлардан биридир. Энг асосийси, лойиҳа қишлоқ жойларда яшовчи кам таъминланган аҳоли даромадларини оширишга қаратилган. Лойиҳанинг иккинчи транши минглаб аёллар ва эркаклар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имконини беради».

Жамшид Ходжаев, Қишлоқ хўжалиги вазири

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати

Мазкур лойиҳа Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида кластер ва кооперация тизимини ташкил килиш орқали кичик ва ўрта фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чикарувчиларини бир занжирга бирлаштириб, мева ва сабзавотчилик маҳсулотларини ишлаб чикариш ва уларни ички ва ташқи бозорларга йуналтиришга қаратилган. Бунда фермерларга кредитлар имтиёзли тартибда маълум муддатга берилиб, кооперацияга бирлашиш шарти билан такдим этилади. Ҳар бир кредит маблағи 10 минг АҚШ долларидан 50 минг АҚШ долларигача ажратилади. Лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар 10 йил муддатгача берилади, шундан 3 йилгача имтиёзли давр ҳисобланади.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати

«Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида:

— бир деҳқон ва фермер хўжалиги учун минимал ва максимал кредит миқдори 10 мингдан 500 минг АҚШ долларигача;

— тадбиркорлик билан шуғуллнаётган ва шуғулланиш истагида бўлган ёшларга минимал ва максимал кредит миқдори 5 мингдан 50 минг АҚШ долларигача;

— мижознинг лойиҳадаги улуши энг камида 20 фоиз эквивалентида бўлиши керак.

Аввалроқ Андижонда Тошкент давлат аграр университети филиали негизида Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилиши хабар берилган эди.

Янгиликлар