Депутат Дониёр Ғаниев 900 га яқин бангладешлик меҳнат мигрантининг Ўзбекистонда ишлашига қаршилик билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев 900 га яқин бенгладешлик меҳнат мигрантининг Ўзбекистонда ишлашига қаршилик билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ишсизлар сони ошиб бораётган вазиятда Бангладешдан меҳнат мигрантларини олиб келиш учига чиққан инсофсизлик ва очкўзлик:

«Агар Қашқадарёда амалга оширилаётган лойиҳага ўзимизникилар қолиб, Бангладешдан оддий ишчилар олиб келингани рост бўлса, бу учига чиққан инсофсизлик ва очкўзликдир. Шундоқ ҳам давлат кафолати остида жалб қилинган кредитлар (яъни солиқ тўловчи пулидан қопланадиган) асосида амалга оширилаётган, қандайдир ноъмалум хориж ширкатларига (катта эҳтимол билан тендерсиз) мавҳум шартларда бир неча миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи берилган ҳолатда наҳот бугунги оғир пандемия шароитини инобатга олиб, ўзимизнинг 1000 та қоракўзга бир оз юқори ҳақ тўлаш ва яхшироқ шароит яратиб бериш қийин бўлса?»

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Тилаволдиев ҳам мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирган:

«Ўзбекистондаги интернет сайтлари хабарига кўра Қаршидаги инжиниринг компаниясининг таклифига асосан 900 нафарга яқин бангладешлик ‘юқори малакали’ меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга келишади. Улардан 239 нафари аллақачон Ўзбекистонга етиб келишди.

Бу хабарни ўқиб, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Пандемия натижасида мамлакатимизда ишсизлар сони ошиб бориб, аҳоли даромадлари тушиб кетаётган, ўзимизнинг Россиядан қайтган қоракўз мигрантларимиз иш топишга қийналиб юрган бир пайтда шунча бангладешликларнинг Ўзбекистонга келиб, ўзимизникиларнинг ризқини қирқиши қанчалик тўғри бўларкан?»

Депутат Нодир Тилаволдиевнинг таъкидлашича, аслида таклиф этилаётган иш ўринлари ички меҳнат бозоридан топилмаганидан кейин ташқаридан олиб келиш мақсадга мувофиқ:

«Aмалдаги қонунчиликка асосан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш хуқуқини берувчи тасдиқномалар Президентнинг 2018 йил 7 ноябрдаги ‘Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан мехнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида’ги 4008-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги ‘Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғгрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида’ги 244-сонли қарорларига асосан амалга оширилади.

Aмалдаги тартибга асосан ҳудудий меҳнат органлари беш кун давомида иш берувчи томонидан кўрсатилган бўш иш ўринлари учун маҳаллий ишчи кучи борлигини ҳисобга олиб, чет эл фуқароларини жалб қилиш мақсадга мувофиқлигини ўрганади ва Ташқи меҳнат миграцияси агентликка чет эл фуқароларини жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида электрон шаклда хулоса юборади. Чет эл фуқароларига Ўзбекистонда меҳнат фаолияти олиб боришлари учун тасдиқномани бериш бўйича якуний қарорни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги беради.

Наҳот, ташриф буюрадиган бангладешликларнинг барчаси юқори малакали ноёб мутахассислар бўлиб, бизнинг мутахассисларимиз улар бажара оладиган юмушни эплай олишмаса?

Aйниқса, ҳозирги мураккаб пайтда Ўзбекистондаги протеционизм фақатгина айрим монопол корхоналар учунгина эмас, оддий халқ учун фойда келтириб хизмат қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бандлик ва меҳнат мунособатлари вазирлиги бу масалага алоҳида эътибор қаратса, ўринли бўлар эди. Aсли насаби ўзбекистонлик бўлган хорижий инвесторларимиз ҳам озгина ватанпарвар бўлиб, ўз юртдошларини қўллаб-қувватлашларини истаб қолган бўлар эдим», — дейди Нодир Тиллаволдиев.

Aввалроқ меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, ижтимоий солиқ тўламаслиги ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар