Тошкентда қоракўллик тадбиркорлар, илм-фан вакиллари ва фаоллар иштирокида инвестицион форум ўтказилди

Қоракўл туманини 2020—2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, мавжуд имкониятлар ва уларни амалга ошириш механизмларига бағишлаб Тошкент шаҳрида 13 сентябрь, якшанба куни қоракўллик тадбиркорлар, ёшлар, илм-фан вакиллари ва фаоллар иштирокида инвестицион форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Tez News» муҳбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, форумни Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов очиб берган. Ҳоким ўз нутқи давомида тумандаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти, туман саноати, иқтисодий-ижтимоий ва маданий йўналишларни ривожлантиришда амалга ошириладиган лойиҳалар ва буларнинг барчасида тадбиркорларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этиши ҳақида сўз юритган.

«Бу учрашувимизнинг асосий мақсади — келажакда Қоракўлни ривожлантиришда ўз олдимизга мақсад қилган лойиҳаларимизни тадбиркорлар орқали амалга ошириш. Туманнинг салоҳияти, заҳира имкониятларидан келиб чиқиб, 50 дан ошиқ турли хил йўналишлардаги лойиҳаларимизни олиб келганмиз. Мисол учун, бугунги кунда туманда 30 минг тоннадан ошиқ пахта етиштирилади. Ушбу пахтани қайта ишлашнинг бирламчи имконияти ҳам мавжуд. Яъни пахтани тола шаклида қайта ишлаш ва уни ип-калавага айлантириш учун потенциалимиз бор. Лекин ип-калавани токи тайёр маҳсулотгача етказиш учун тумандаги мавжуд имконият 17 фоизни ташкил этади. Бунинг учун эса завод ва фабрикаларга эҳтиёжимиз бор. Худди шундай яна туманда гўштни қайта ишлаш, қоракўлчилик, мева-сабзавотчилик соҳасида етиштирилаётган маҳсулотларимизнинг атиги 3—4 фоизини қайта ишлаш имконияти бор. Тадбиркорлар билан ўтказаётган учрашувимизда эса ана шу муаммоли масалаларда улар билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз», — дейди Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, туманда жами 2280 та тадбиркорлик субъекти (юридик — 1021 та, ЯТТ — 1259 та) давлат рўйхатидан ўтказилган. 2020 йилнинг январ—сентябрь ойларида 417 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръатини 106,1 фоизга ва йил якунига қадар 586,3 миллиард сўмлик махсулот ишлаб чиқариб, ўсиш суръатини 106,5 фоизга таъминлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 2019 йилда туманда 14,6 минг дона қорамол терилари, 40,2 минг дона қоракўл териси ишлаб чиқарилган. Биргина қоракўл терисининг 42,4 фоизи қайта ишланиб, тайёр маҳсулотларга айлантирилаётган бўлса, қолган 58 фоиз терилар қайта ишланмай қолган.

Қоракўл хокимининг таъкидлашича, туманда 15 минг гектар майдонда табиий усулда қамиш маҳсулотлари ўсади. Ушбу хом ашёдан юқори сифатли қоғоз ҳамда қурилишда ишлатиш учун фанера ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд бўлиб, бу борада Қоракўл тумани алоҳида ўрин касб этган. Чунки хом ашё базаси сифатида яна бир улкан манба Қорақир кўли Пешку тумани ҳудудига қарашли бўлса ҳам, жойлашуви жиҳатдан Қоракўл туманига яқин ҳисобланади.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

«Туман марказидаги Улуғбек, Тошкент, Дўстлик, Бухоро кўчаларида ер майдонлари кўп қаватли уйлар қуриш учун режалаштирилган. Тижорат асосида кўп қаватли уй-жойлар қуриш истагида бўлган ҳар қандай тадбиркорлар билан музокаралар ўтказишга тайёрмиз. Бундан ташқари, ‘Дўстлик’ МФЙдаги собиқ деҳқон бозорига қарашли ер майдонида замонавий савдо ва кўнгилочар мажмуаси қуриш учун 0,5 гектар ер майдонини ажратиб беришга тайёрмиз. Шунингдек, туманда пена ва газаблок ишлаб чиқариш етарлича ташкил қилинмаган.

Фото: «Tez News»

Ушбу учрашув пойтахтда фаолият олиб бораётган қоракўллик инсонларга ва тадбиркорларга янги куч, янги илҳом ва янги-янги ғоялар бахш этишига ишонаман. Бизнинг ушбу байрамона мулоқотимиз фаоллар қатламининг ҳаётий таржиба ва билимларидан самарали фойдаланган ҳолда Қоракўл туманининг ривожи ва ёшлар таълим-тарбияси йўлида бирлашиш учун жуда катта қадам бўлади, деб ўйлайман. Туманимизнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маданий жиҳатларига эътиборни қаратсак, давлатимиз раҳбари таъкидлаган учинчи ренессанс даврида қоракўлликлар иштирокини, ўзимизнинг базамизни ташкил қилган бўлар эдик. Бу жараёнда қоракўллик фидойиларнинг фаол иштироки жудаям муҳим», — дея ўз нутқини якунлаган Қоракўл тумани ҳокими.

Аввалроқ Ёзёвонда тадбиркорларга салкам 10 миллион сўм моддий зарар етказган мансабдорга чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро давлат солиқ бошқармаси раҳбари хуфиёна иқтисодиётга қарши биргаликда курашиш бўйича журналист ва блогерлар билан учрашув ўтказган.

Янгиликлар