Сирдарё ҳокими аҳолини Қайроққум сув омбори ёрилиб кетгани ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка чақирди

Қўшни Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омборида тўғон ёрилгани ҳақида миш-мишлар 14 январь оқшомида ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев туманларга етиб бориб аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирди.

Фото: Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, Қайроққум сув омбори ёрилиб кетгани ҳақидаги хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотган. Айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани ҳолатлар ҳам бўлган. Бундан хабар топган вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев туманларга етиб броган.

Фото: Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, Ғофур Мирзаев бу каби хабар тарқалишига хеч қандай асослар мавжуд эмаслигини билдирган. Аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирган. Шунингдек, Тожикистондаги фавқулодда вазиятларга масъул идорадан олинган аниқ маълумотларга кўра, «Қайроққум» сув омбори бузилмаган ва нормал ҳолатда ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қайроққум сув омбори ёрилиб кетгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берган эди.

Aввалроқ «Сардоба иши» бўйича 17 нафар мансабдорга жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлганди. Шунингек, сув омбори талафотлари оқибатида 54 та фермер хўжалигининг 9,5 миллиард сўмлик зарари ҳал этилмагани ҳақида хабар берилганди. Ҳозирда «Сардоба иши» бўйича ёпиқ суд жараёни бошланган.

Янгиликлар