Деновда «темир дафтар»ги оилаларга 5 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди

Сурхондарё вилоятида «темир дафтар»га киритилган аҳолини камбағалликдан чиқариш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд фуқаролар учун қандай шароитлар яратиб берилаётганлиги борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида 11—12 сентябрь кунлари пресс-тур ташкил этилди. Унда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров Денов туманидаги вазиятни ўрганди.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, Денов туманида дастлабки хатлов бўйича «темир дафтар»га 5625 та оила (25,9 минг фуқаро) киритилган бўлса, қўшимча ўтказилган хатлов натижасида 3198 та (15631 нафар фуқаро) эҳтиёжманд оила аниқланиб, қўшимча тарзда киритилган. «Темир дафтар»га киритилган эхтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида жами 5903 та оилага 5,1 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.

Хусусан, туманнинг биринчи сектор ҳудуди маҳаллаларида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирони бор ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Мисол учун, автомашина ўриндиқлари учун «чехол» тикадиган «Рамазон» хусусий оилавий корхонасида ишлайдиган 18 нафар фуқаронинг 4 нафари «темир дафтар»га киритилган ҳодимлар ҳисобланади. Корхона раҳбарининг сўзларига кўра, «темир дафтар»га киритилган ходимлар 3—6 ойдан бери ишлаб келмоқда ва 600 минг сўмдан 1 миллион сўмгача маош олади.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Ана шундай ҳодимлардан бири Мафтуна Хазратованинг 2 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғидан ажрашганлиги туфайли амакисининг қарамоғида яшаб келган. Ишсиз ва боқувчисини йўкотганлиги сабабли «темир дафтар»га киритилган. У 1-сектор томонидан қўллаб-қувватланиб, ушбу хусусий корхонага ишга қабул қилинган.

Фото: «Tez News»

Туманнинг «Оққўрғон» маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири Саодат Ғоипова боқувчисини йўқотган сифатида «темир дафтар»га киритилган. Бир нафар қизи билан яшайди. Унга кўмак сифатида бир бош қорамол ва моддий ёрдам пуллари берилган.

«Турмуш ўртоғим 2009 йил вафот этган. 2016 йилда уйи бўлак бўлса ҳам, қайнанам келиб, жанжал қилиб, мени уйимдан чиқариб юборди. Бироқ маҳалла ёрдами билан 2020 йил февраль ойида уйимга қайтиб келиб, қизим билан яшай бошладим. Шундан бери маҳалладагилар ҳам, сектор раҳбарлари ҳам бизни ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Нима ёрдам бўлса, ҳаммасини беришади. Пандемия пайтида озиқ-овқат маҳсулотлари, бир миллион сўм пул ва бир бош қорамол беришди.

Ўзим ҳам фақат бунга қараб ўтирмай, уйда тикувчилик билан шуғулланаман, қизларга ўргатаман. Яна томорқамизда полиз маҳсулотлари етиштираммиз. Ҳамма ишларимда қўни-қўшниларим, маҳалладигилар ёрдам бериб туришади. Шуларга раҳмат айтаман», — дейди 50 ёшли Саодат Ғоипова.

Фото: «Tez News»

Шунингдек, «Жаматак» маҳалласида яшовчи 1982 йилда туғилган Ҳамида Имомова болаликдан иккинчи гуруҳ ногирони бўлганлиги учун «темир дафтар»га киритилган. Укаси Абдураҳмон Имомов қарамоғида яшайди. Таъкидланишича, Ҳамида Имомованинг оиласига сектор томонидан 2 қути асалари уяси берилган. Бундан ташқари, бир марталик моддий ёрдам пули, «Саховат ва кўмак» доирасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам бериб келинган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Яна бир фуқаро Шаҳноза Эргашованинг икки нафар фарзанди бор, турмуш ўртоғи вафот этган. Аёл маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган ва шундан сўнг сектор раҳбари, маҳалла раиси ёрдами билан 2-сонли туғруқхонага тозалик назоратчиси сифатида ишга қабул қилинган. Айтишича, унга шу пайтга қадар 2 марта бир миллон сўмлик моддий ёрдам пули берилган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Денов тумани ҳокимлигининг берган маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 27 сентябрига қадар Президентнинг 2020 йил 26 августдаги қарори бўйича муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш учун 500 минг сўмдан, жами 10 287 нафар 16 ёшга тўлмаган болага 5 миллиард 143,5 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилиши белгиланган.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари,

  • 1501 нафар боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақасини олувчи оилаларнинг 2446 нафар 16 ёшга тўлмаган болаларига 1 миллиард 223 миллион сўм;
  • 1668 нафар ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болага 834 миллион сўм;
  • «темир дафтар»га киритилган 4321 та оиланинг
    6173 нафар 16 ёшга тўлмаган боласига 3 миллиард 086,5 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Андижон туманида «темир дафтар»га киритилганларнинг банк кредити ва иш масалалари ҳал этилгани, Ғиждувонда «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 3 мингдан ортиқ фарзандига ёрдам пулларини етказиш бошлангани ҳамда Марғилондаги 22 та маҳаллада 16 ёшга тўлмаган болалар учун бир марталик ёрдам пуллари тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар