Ситора Фармонова «Алдама мени» кўрсатувида Дониёр Каюмов билан ишқий муносабати ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди
Актриса Ситора Фармонова «Алдама мени» кўрсатувида иштирок этди. Кўрсатув давомида Ситора Фармонова шахсий ҳаёти, қолаверса, блогер Дониёр Каюмов билан ишқий муносабати ҳақидаги берилган барча саволларга жавоб беришдан бош тортган ва шартга кўра «жасорат»ни танлаган.
Актриса Дониёр Каюмов билан муносабатлари ҳақидаги илк саволга жавоб беришдан бош тортгач, экранда блогер Ситоранинг уйига саватда гул олиб борган видеоси намойиш этилади. Актриса видеодаги ҳолатига «ҳайратланганман», деб изоҳ берган. Аслида эса видеода унинг энса қотирганини кўриш мумкин. Шундан сўнг «ажойиб жуфтлик» — Дониёр Каюмов ва Ситора Фармонованинг «романтик кеча»си ва «Яккасаройдаги тўй»и ҳақида сўз борган.
Ситора Фармонова ўз тўйида ўзи бошловчи бўлиши ҳақида айтган. Аммо тўлиқ жавоб бермагани сабабли илонларнинг олдига боришга мажбур бўлган. Иккинчи босқичда эса у совчи юборган 3 нафар ижодкор исмларини айтиши керак эди. Аммо бу саволга жавоб бериш ўрнига ўргимчакларни қўлига олишни танлаган.
Эслатиб ўтамиз, Блогер Дониёр Каюмов таниқли актриса Ситора Фармоновага севги изҳор қилганди. Бу ҳақда унинг ўзи 28 октябрь куни Instagram’даги саҳифасида хабар қолдирган.
30 ноябрь куни эса Дониёр Каюмов Ситора Фармонова билан муносабатлари ёмонлашганини маълум қилганди. Таъкидланишича, улар бир оз муддат бирга бўлган ва ҳар иккиси ҳам ўзининг Instagram саҳифаларига бирга тушган расм ва видеоларини юклаган. Лекин маълум муддат ўтгач, яъни 30 ноябрь куни Дониёр Каюмов ўзининг саҳифасида актриса Ситора Фармонова билан барча муносабатларни тугаганини таъкидлаган.
Актриса Ситора Фармонова ўзининг Instagram саҳифасидан Дониёр Каюмов билан тушган барча расмларини олиб ташлаб, унинг обуначилари сафидан чиқиб кетган.
Бир оз муддатдан сўнг Дониёр Каюмов Дубайга кетишини маълум қилган. Бу вақтда Ситора Фармонова ҳам Дубайда бўлган. Шундан сўнг улар ўзининг Instagram саҳифасига бир хил фотосуратлар жойлай бошлаган.
Маълумот ўрнида, Дониёр Каюмов 1999 йил 20 октябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирда уни Instagram’да 528 минг, TikTok’да эса 385,8 минг обуначи кузатади.
Ситора Фармонова эса 1984 йил 20 август куни Бухоро шаҳрида туғилган. У ўзбек киносидаги фаолиятини 1998 йил эфирга узатилган «Аёл зоти» номли сериалда роль ижро этишдан бошлаган. У бир неча кинокомедияларда, жумладан, «Хавфли бурилиш», «Менинг акам бўйдоқ» ҳамда «Энди дадам бўйдоқ» фильмларида ўйнаган роллари билан ўзбек кино оламида шуҳрат қозонган.